Лойиҳа муаллифи, депутат Антон Горелкиннинг сўзларига кўра, таниқли ресурслар деганда Россиядаги фойдаланувчилар фаол фойдаланадиган ва фойдаланувчилар ҳақида маълумот тўплайдиган айрим сервислар тушунилади. У ёки бу сайтнинг аҳамиятли эканлигини ҳукумат комиссияси аниқлайди.

Лойиҳага кўра, аҳамиятли сайтнинг эгаси фақат россиялик шахс ёки Россия юридик шахси бўлади. Ундаги хориж улуши овоз бериш акциясининг 20 фоизидан ошмайди.

Агарда бу шартга амал қилинмаса, Россияда бу ресурснинг рекламаси ва у кўрсатадиган хизматлар тақиқланади.

Аҳамиятга эга сайтларнинг техник воситалари ва маълумотлар базаси Россия ҳудудида бўлади. Депутат буни шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳламоқда.  

Гап Facebook ҳақида бормаяпти, деди лойиҳа муаллифи Антон Горелкин. 

«У бутун дунё бўйича ишлайдиган халқаро компания. Гап стратегик аҳамиятга эга, Россия бозрига мўлжалланган ва бу бозорда сезиларли улушга эга компаниялар ҳақида бормоқда. «Яндекс», Mail.Ru Group ана шундай ташкилотлар рўйхатига киришига шубҳам йўқ», — деди Горелкин.

«Яндекс»нинг бош компанияси Нидерландиянинг Yandex N.V. компанияси ҳисобланади, компания акциялари NASDAQ биржасида сотилади. Компания акциялар пакетининг 10 фоизга яқинига эгалик қилувчи Аркадий Волож Россия ва Мальта фуқароси ҳисобланади. Mail.Ru Group’нинг бош компанияси Британиянинг Виргин оролларида рўйхатдан ўтган, унинг акциялари Лондон биржасида сотилади. Африканинг Naspers ва Хитойнинг Tencent компаниялари унинг асосий акциядорлари ҳисобланади.