Баён қилинишича, 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида йирик саноат корхоналарининг атрофни ифлослантираётгани юзасидан фуқаролардан 175та мурожат келиб тушган.
Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Ибратжон Каримовнинг баёнотига кўра, 2018 йил якунлари бўйича атрофга 2 млн 449 минг тонна зарарли модда чиқарилган. Бунинг 1 млн 600 минг тоннаси автомобил воситаларига, 880 минг тоннаси ишлаб чиқариш корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда. Республикада 300 мингдан зиёд хўжалик корхоналари мавжуд бўлиб, улардан 5 мингтаси экологияни зарарлантириш бўйича биринчи ва иккинчи тоифали корхоналар ҳисобланади.
«Агар корхоналар экология масаласида белгиланган нормаларни бузишда давом этса, корхона фаолиятини тўхтатиб қўйиш, маъмурий компенсация тўловини ундириш каби чоралар кўрилади. 2018 йилда саноат корхоналаридан 975 миллион сўм компенсация ундирилган, 2019 йилнинг фақатгина биринчи чорагида эса бу кўрсаткич 1 млрд 72 млн сўмни ташкил этган», ─ дея таъкидлайди раиснинг биринчи ўринбосари.
«Саноат корхоналари фаолиятини экологик хавфсизликка мувофиқлаштирса, экологик нуқтаи назардан хавфсиз қурилма ва ускуналарни келтириб фойдаланса, солиқ ва божхона харажатларини камайтиришда биз ёрдам кўрсатамиз. Солиқ қўмитаси имтиёз бериши учун тавсиянома бериш ваколатимиз бор», ─ дея қўшимча қилди Каримов.
Жамоатчилик кенгаши раиси Юсуфжон Шодиметов келтирган маълумотларга кўра, атмосферанинг ифлосланганлик даражаси бўйича халқаро рейтингда Ўзбекистон 158та мамлакат орасида 108 ўринни эгаллаб турибди.
«Бу ижобий кўрсаткич эмас, албатта. Саноат корхоналари инсон ҳаёти учун энг хавфли бўлган азот оксиди, аммиак, фенол, олтингугурт, чанг, ацетон кабиларни атмосферага ташлаяпти. Булар саратонни келтириб чиқаради. Агар ҳавода қанча зарарли модда борлигини билса, одамлар кўчага чиқмай ҳам қўяди», ─ дейди Юсуфжон Шодиметов.
Шунингдек, муҳокама давомида автоуловлардан чиқадиган заҳарли газлар масаласи ҳам муҳокама қилинди. Таъкидланишича, республикадаги мавжуд автомобил транспортларининг 20-30 фоизи эски русумларда бўлгани боис талабга жавоб бермайди, улар кучли даражада ис гази ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.
Жамоатчилик кенгаши муҳокамаси давомида «Максам Чирчиқ», «Фарғонаазот», «Наоийазот» каби корхоналарнинг ўз фаолиятини экологик хавфсизликка мувофиқлаштириш тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди, тегишли кўрсатма ва вазифалар берилди.



