«Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан муқаддас Рамазон ойида Сурия давлати ҳудудидан ўз ватанига қайтарилган 156 нафар ўзбекистонликлар реабилитация ва жамиятга қайта мослашишлари учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилмоқда.

12 июнь куни санаторийдаги 156 нафар фуқаронинг реабилитациясининг биринчи босқичи якунланди.

11 июнь куни махсус комиссия томонидан ҳудудлардан вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари иштирокида 47 нафар аёлга фуқаролик паспортлари ва 102 нафар болага туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни топшириш маросими ўтказилди.

Маросим доирасида 142 нафар фуқарога, жумладан 47 аёлга энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баробари ва 95 нафар болага энг кам ойлик иш ҳақининг беш баробари миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.

3 нафар етим бола «Меҳрибонлик» уйига, 3 нафари «Кичкинтой» болалар уйига жойлаштирилди. 2 нафар бола ўзининг қариндошларига васийлик асосида расмийлаштирилиб берилди. Россия Федерацияси фуқаролари бўлган 1 аёл ва унинг 4 нафар фарзанди ўз ватанига қайтарилгунгача реабилитация қилиш марказига жойлаштирилди. 1 нафар фуқаро шифохонада даволанмоқда.

Фуқаролар 12 июнь куни эрталабдан темир йўл транспорти ва автомашиналарда вилоятдан келган ҳоким ўринбосарлари кузатувида яшаш жойларига юборилди. Куннинг иккинчи ярмида улар ўз яшаш манзилларига етиб боришди.

«Меҳр» дастурининг биринчи босқичида 30 майдан 12 июнгача фуқароларнинг реабилитацияси кейинги босқичига тайёрлаш учун қуйидаги тадбирлар ўтказилганига алоҳида тўхталиб ўтмоқчимиз:

а) Мактабгача таълим вазирлиги томонидан болаларга эркин мавзу бўйича расмлар чиздирилди, мусиқали дастур асосида маданий ҳордиқ чиқарилди. «Ўзбекистон – Ватаним», «Менинг маҳаллам ва оилам» мавзуларида таълим-тарбия машғулотлари олиб борилди.

б) Халқ таълими вазирлиги томонидан давлат мадҳияси ва рамзлари ўргатилди. Болаларнинг сезги, хотира, тафаккурлари ривожланиш даражасини аниқлаш мақсадида «Люшер» ва «Психогеометрия» диагностикалари ўтказилди.

Болалар учун мазкур даврда боғча ва мактаб синфлари ташкил этилди.

«ЮНИСЕФ» халқаро болалар ташкилоти томонидан психолог ва педагоглар учун оғир вазият, можаролар ва ҳарбий тўқнашувлар бўлаётган ҳудудлардан олиб чиқилган болалар ва оналарга танглик ҳолатидан чиқишга кўмаклашиш, тенгқурларига мослашиш жараёнларини ўтказишда ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича амалий семинарлар ўтказилди.

в) Соғлиқни сақлаш вазирилиги томонидан тўлиқ тиббий кўрик ўтказилди. 4 нафар педиатр, 4 нафар терапевт ва битта тез ёрдам бригадаси куну-тун ташкил этилган навбатчилик асосида фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатилди.

г) 1 июнь «Халқаро болалар куни» байрам дастури ўтказилди, концерт ва қўғирчоқ театри намойиш этилди. Барча болаларга ёзги спорт комплекти, велосипед, ўйинчоқлар, 10 донадан бадиий китоблар мажмуаси ва бошқалар совғалар берилди. Рамазон ҳайити байрами кунлари миллий таомлар пиширилиб байрам тадбири ташкил этилди. Аёлларга кийим-либослар, парфюмерия воситалари совғалари берилди.

Фуқароларни реабилитация қилиш тадбирлари БМТнинг ЮНЕСЕФ ташкилоти томонидан ўрганилиб, юқори баҳо берилди. Барча тадбирлар БМТ тавсиялари ва халқаро меъёрларга мос келиши алоҳида эътироф этилди.

Шу билан бирга, «Меҳр» дастурини амалга ошириш доирасида фуқаролар реабилитацияси иккинчи босқичида вилоят ҳокими раислигидаги махсус гуруҳлар томонидан қуйидаги тадбирлар бажарилиши режалаштирилган:

  • уларни мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш ёки касбга тайёрлаш курсларида ўқитилишини таъминлаш;
  • болаларни ўзларининг ҳудудидаги мактабгача таълим ва мактаб муассасасига жойлаштириш;
  • тиббий ёрдам учун шифокор ва патронаж бириктириш.

Фуқароларни реабилитация қилиш жараёнлари ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти билан ҳамкорлик давом эттирилади», дейилади баёнотда.