Тадқиқотчилар электрон микроскопия ва микрография ёрдамида тўрт минг йил аввал (эрамиздан аввалги 2181-2055 йиллар) яшаган, 50 ёшдан катта бўлган аёлнинг тишларини таҳлил қилишди. Улар 24та тишдан 16тасида ейилиш белгиларини топишган. Хусусан, юқори жағдаги иккита тишда пона шаклидаги бузилиш излари аниқланди, қолган ўн тўртта тишда ейилиш кузатилди. Бундай ҳолат тишлари билан ўсимлик материалига ишлов берган ҳунармандлар учун хосдир.

Фото: Lovell & Palichuk, Bioarchaeology of Marginalized People, 2019

Олимлар сўзига кўра, аёл папирусни қутилар ва саватлар, шунингдек, шиппаклар, пардалар ва гиламчалар ясаш учун ишлатган.

Илгари Қадимги Мисрда аёллар фақатгина еттита касб билан шуғулланиши мумкин бўлган, деб ҳисобланган. Бу қабрлар деворларидаги ёзувлар ва тасвирларда акс этган. Улар маъбудлар ибодатхоналарида ишлашган, қўшиқчилар, раққосалар, мусиқачилар, йиғичилар, тўқувчилар ва доялар бўлган.