«EVO» савдо белгиси («Super iMax» МЧЖ раҳбарияти) Навоий, Бухоро, Қарши ва Наманган ҳудудларидаги фаолиятини тўхтатишга қарор қилди.
Компания вакилларининг сўзларига кўра, ушбу ҳудудларда провайдер фаолияти тўхтатилишига сабаб сифатида бозорнинг қайта шакллантирилиши, маълумотлар узатиш хизматлари бозоридаги операторлар томонидан қаттиқ рақобат, рақобат оқибатида янги абонентлар оқимининг қисқариши ва қайд этилган ҳудудларда моддий-техник таъминот қопланиши ўзини оқламаётгани кўрсатилган.
Радиочастоталар ва IP транспорт ижарасига сарфланган харажатлари симли маълумот узатиш оператор, провайдерларникидан тубдан фарқ қилади, компания вакилларига кўра, EVO бошқа ҳудудлардаги фаолияти ва хизмат турларини яхшилайди. Компания раҳбарияти томонидан тузилган жамоа EVO абонентларининг бошқа провайдерлар (TPS ва EAST TELECOM) тармоқларига ўтишида ёрдам беради. EVO ёрдам учун ушбу рақамга қўнғироқ қилишни тавсия этади: +998 78 148 00 00.
Маълумот учун, EVO савдо белгиси Япониянинг Sumitomo Corporation ва Корея Республикасининг KT Corporation компаниялари ҳамкорлигида очилган «Super iMax» МЧЖга қарашлидир.
Провайдер LTE TDD ва WiMAX симсиз маълумот узатиш технологиясидан фойдаланади. Тармоқ топологияси мобил алоқа операторлариники билан ўхшаш бўлиб, провайдер маълумотлар узатилишида радиочастоталардан фойдаланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги йирик алоқа операторларидан бири «Ўзбектелеком» АК ўтган йил ноябрь ойи охирида тезлик масаласи муайян провайдер ёки оператор тармоғининг технологиялари ва техник имкониятларига боғлиқлиги ҳақида хабар берганди. Ўтган йил декабрь ойи бошида ISTV провайдери «Ўзбектелеком»ни монополияга интилишда айблаганди.
Маълумот учун, Ўзбекистон интернетга уланиш тезлиги бўйича дунё рейтингларида сўнгги поғоналардан бирида туради. SpeedTest’нинг 2018 йил декабрь ойи рейтингига кўра, Ўзбекистон мобил интернет тезлиги бўйича 111-ўрин (9.97 мб/с) ва симли тармоқ орқали уланиш бўйича 108-ўринда (10.11 мб/с) жойлашган.
SpeedTest рейтингида мобил интернет тезлиги бўйича 72.77 мб/с тезлик билан Исландия, симли тармоқ орқали уланиш бўйича 190.94 мб/с тезлик билан Сингапур биринчи ўринда туради.



