Ўзбекистон Республикаси президенти “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши томонидан баъзи таълим муассасалари ва автодромларни уларнинг асосий воситалари, ўқув ва моддий-техник базаси билан биргаликда мулк қилиб давлатга беғараз бериш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги таълим муассасалари ва автодромларни уларнинг асосий воситалари, ўқув ва моддий-техника базаси билан бирга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида қабул қилиб олади.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
Белгилаб қўйилишича:
Марказга Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади;
Марказ директори мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш (пул таъминоти) шароитларига кўра мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғининг ўринбосарига тенглаштирилади;
Марказ фуқаро ходимларининг иш ҳақи мудофаа ишлари бошқармаларининг фуқаро ходимлари учун белгиланган тартиб ва меъёрларда тўланади;
Марказларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
мудофаа ишлари бошқармалари Марказларда тайёргарликдан, қайта тайёргарликдан ўтган ва малакасини оширган автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларининг, шунингдек, оммавий техник касбларнинг бошқа мутахассисларининг ҳисобини юритади;
Марказлар фаолияти ташкил этилгунга қадар чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш амалдаги тартибга мувофиқ амалга оширилади.
Қуйидагиларга:
а) Марказларга:
автомототранспорт воситаларининг ҳайдовчиларини, шунингдек, оммавий техник касбларнинг бошқа мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича жисмоний ва юридик шахсларга пуллик хизматлар кўрсатиш;
автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини, шунингдек, оммавий техник касбларнинг бошқа мутахассисларини тайёрлаш учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бўлинмаларининг ўқув ва моддий-техник базасидан беғараз фойдаланиш;
б) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига Марказларнинг пуллик хизматлар кўрсатишдан тушган бўш маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштириш, кейинчалик улар бўйича тўланган фоизлардан:
ёшларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш фаолиятини амалга ошириш учун;
Марказларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг моддий-техник базасини қуриш, таъмирлаш, мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун фойдаланишга рухсат берилди.



