Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизимида таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро тадқиқотларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг:

а) қуйидаги халқаро баҳолаш дастурлари бўйича халқаро тадқиқотларни ташкил этиш:

Progress in International Reading and Literacy Study (PIRLS) - бошланғич 4-синф ўқувчиларининг матнни ўқиш ва тушуниш даражасини баҳолаш учун;

Trends in International Mathematics and Science Study (TIMSS) - 4 ва 8-синф ўқувчиларининг математика ва табиий йўналишдаги фанлардан ўзлаштириш даражасини баҳолаш учун;

The Programme for International Student Assessment (PISA) - 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини баҳолаш учун;

The Teaching and Learning International Survey (TALIS) - раҳбар ва педагог кадрларнинг умумий ўрта таълим муассасаларида ўқитиш ва таълим олиш муҳитини ҳамда ўқитувчиларнинг иш шароитларини ўрганиш учун;

б) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузурида Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Миллий марказнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

халқаро тадқиқотларни ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштиришда Ўзбекистон Республикасининг вакили сифатида иштирок этиш;

таълим тизимида ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини ривожлантиришнинг инновацион методларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга йўналтирилган илмий изланишлар олиб бориш;

таълим сифатини баҳолаш соҳасида халқаро алоқаларни ўрнатиш, халқаро лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, халқаро илмий анжуманлар ва симпозиумларни ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этиш;

таълим сифатини баҳолаш соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказиш;

таълим сифатини баҳолаш бўйича тадқиқотларни илмий ва услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

умумий ўрта таълим муассасаларининг халқаро тадқиқотларда муваффақиятли иштирок этишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро баҳолаш дастурларида қайд этган натижаларини бошқа давлатлар натижалари билан қиёсий таққослаш;

халқаро баҳолаш дастурларини таълим жараёнига жорий этиш бўйича тизимли мониторинг олиб бориш, ушбу соҳадаги илғор тажрибани оммалаштириш ва унинг асосида таълим муассасалари учун тавсиялар ва қўлланмалар ишлаб чиқишда иштирок этиш;

ўқитишнинг инновацион усулларидан фойдаланган ҳолда ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлар бўйича педагог кадрларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув-услубий тавсиялар тайёрлаш.