Иш деярли беш йил давомида тергов қилинди, ўшанда компания Telia Sonera деб аталган, Швеция прокуратураси тергов якунлангани ҳақида ўтган йилнинг сентябрь ойида хабар берди. Ўшанда порахўрлик бўйича айблов Telia Sonera собиқ директори Ларс Нюберг, Евроосиё бозори учун масъул бўлган Теро Кивисаари ва компания юристларидан бирига ҳам қўйилди. Швециянинг ТТ ахборот агентлиги билдиришича, учала шахс ҳам айбини тан олмади. Улар олти йилгача озодликдан маҳкум этилиши мумкин.

Сўнгги бир неча йил давомида Telia номи 2007 йилда концерн ва унинг шўъба компаниялари Ўзбекистон телекоммуникация бозорида ишлаш режаси муносабати билан поралар беришга алоқадорликда гумонланаётгани сабабли Швеция оммавий ахборот воситаларида кўп бора тилга олинди. Журналистларнинг суриштируви 2013 йилда концерн раҳбариятининг ўзгаришига ва компаниядаги ички текширувларига олиб келди. 2015 йилда Telia Евроосиё бозоридан чиқиб кетишини эълон қилди.

2013 йилда Нидерландия прокурорлари Telia’нинг иккита шўъба компаниясини текшира бошлади, 2014 йилда АҚШ Адлия вазирлигининг молия инспекциясида Ўзбекистондаги битимлар суриштирувдан ўтказила бошланди. 2017 йилда, ушбу текширувлар тугаганидан сўнг, Telia ўзини текширган органларга 965 миллион доллар тўлашга рози бўлди.

Швеция прокуратураси 2012 йилда концерн раҳбарияти томонидан порахўрлик бўйича гумонларни текшира бошлади. Терговчиларнинг хулосасига кўра, Telia Ўзбекистон бозоридан муқим ўрин олиш учун Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримовага катта миқдордаги пулларни тўлаган. Каримова, Швеция прокуратурасига кўра, ўша даврда Ўзбекистон телекоммуникация бозорини деярли ўз назоратида ушлаб турган. Тергов маълумотларига кўра, 2007 йилдан 2010 йилгача бўлган даврда поралар миқдори 280 миллион еврони ташкил этган бўлиши мумкин.