KUN.UZ манбаси хабарига кўра, президент йиғилиш чоғида Ўзбекистоннинг Япония, Туркия ва Ҳиндистондаги элчилари билан гаплашган. Президент элчиларга мамлакатга инвестиция ва сайёҳлар олиб келишни, шунингдек, экспорт ҳажмини оширишга ҳисса қўшиш вазифаларини топширган.
Президент Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига жиддий вазифалар қўйган. Туризм ҳақида гапира туриб, президент мамлакатнинг соҳадаги салоҳиятидан тўла фойдаланиш зарурлигини таъкидлаб, ҳудуди Ўзбекистондан 3 баробар кичик бўлган Озарбойжонга бир йилда 3,1 миллион турист ташриф буюришини (Ўзбекистонга 2017 йилда 2 миллиондан ошиқ) мисол қилиб келтирган.
Туризмни ривожлантириш учун Ўзбекистонда 50-55 кишилик 3 ва 4 юлдузли меҳмонхоналарга асосий эътибор қаратилади.
Ўзбекистонда ички рейслар сони оширилади, шунингдек, Ўзбекистонга бошқа мамлакатларнинг фақат пойтахт шаҳарларидан эмас, бошқа йирик шаҳарларидан, масалан, Туркиянинг Измир, Кўниё ва Бурса шаҳарларидан Ўзбекистонга чартер рейслар йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, Бухоро ва Самарқанд аэропортлари ёнида қўшимча терминаллар қурилади.



