Ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, хавфсизлик тизими журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари учун фойдали бўлиши мумкин. Илова қўриқланаётган майдонга - масалан, меҳмонхона номерига эгаси йўқлигида бегоналар киришга уринса, фойдаланувчи ташвиш сигналини олишига имкон беради.
Илова қўриқланувчи уйда мавжуд оддий смартфондаги датчиклар — фотокамера, микрофон, гироскоп, акселерометр, ёруғлик сенсоридан фойдаланиб, атроф-муҳитдаги ўзгаришларни кузатади, шунингдек тизимга уланиш ҳаракатини қайд қилади.
Шубҳали фаоллик қайд этилган ҳолатларда смартфон эгасининг телефонига шифрланган хабар йўлланади; шу вақтдан бошлаб кузатув тизимига уланган киши Tor Onion хизмати орқали масофадан кузатувни амалга ошириши мумкин бўлади.
Таъкидланишича, илова мутлақо бепул ва очиқ чиқиш кодига эга. Ҳозирда у бета-тест жараёнидан ўтмоқда. Ишлаб чиқарувчилар синовчилар, дастурчилар ва ҳамкорларни лойиҳага қўшилишга чақиришмоқда.



