ЎзА хабарига кўра, суҳбат давомида Шавкат Мирзиёев Алмазбек Атамбоевни 15 октябрь куни Қирғизистон президенти сайлови муваффақиятли ўтгани билан табриклади.

Давлат раҳбарлари яқинда бўлиб ўтган олий даражадаги ўзаро ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни амалга ошириш борасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини анъанавий дўстлик ва амалий руҳда атрофлича муҳокама қилди.

Ўзбекистон—Қирғизистон давлат чегараларининг қолган участкаларига оид тегишли шартномани ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш ва имзолаш жараёнини тезроқ якунлаш, шунингдек, чегара ўтказиш пунктларининг самарали фаолиятини таъминлашдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

Транспорт-коммуникация тизимидаги ўзаро алоқалар, хусусан, шу ойнинг охирига режалаштирилган «Тошкент—Андижон—Ўш—Иркештом—Қошғар» йўналиши бўйича ҳамкорликда автомобиль қатновини синовдан ўтказиш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.