21:14 / 10.05.2024
24732

Харкив области чегарасида вазият кескин ёмонлашди — бу ҳақда нималар маълум?

Россиялик ҳарбийлар Харкив областида янги юриш бошлади. Чегарадаги шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси эвакуация қилинмоқда. Янги йўналишдаги ҳужумдан мақсад «буфер зона» ташкил этиш бўлиши мумкин.

Фото: Getty Images

Россия қўшини 10 май куни Харкив областининг чегарадош ҳудудларида ҳужумга ўтди. Жума куни тонгда икки томоннинг ҳарбийлашган телеграм-каналларида Россия қўшини Белгород области томондан Украинанинг чегарадаги қишлоқларига кириб келишга уринаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

«Харкивга: Россия армияси чегарадан юриш бошлади», — деб ёзган россиялик пропаганда ресурси Colonelcassad.

«Бугун эрта тонгда Харкив ва областдаги объектлар бўйлаб фаол ракета-артиллерия ва бомба зарбаларига старт берилди. Шунингдек, РФ қуролли кучлари қуруқлик қисмлари Харкив областининг Чугуйив райони Волчанск шаҳри йўналишида фаоллашгани ҳақида хабарлар келмоқда», — дея ёзган «Военний осведомител» ҳарбийлашган телеграм-канали ҳам.

Чегарадаги вазият кескинлашганини дастлаб Харкив области маъмурияти раҳбари Олег Синегубов тасдиқлади: у россияликлар регион шимолини ўққа тутишни кучайтирганини ва диверсия-разведка гуруҳлари чегарадан ўтиш учун муваффақиятсиз уринишларни амалга оширишганини маълум қилди.

«Украина қуролли кучлари позицияларни ишонч билан ушлаб турибди: бир метр ҳам бой берилгани йўқ. Рақиб гуруҳи Харкив учун таҳдид солмаяпти, унинг кучлари фақат шимолий йўналишда провокация қилиш учун етади», — деган Синегубов.

Харкивда хусусий сектор ўққа тутилишидан кейин чиққан ёнғинни ўчириш учун келган ўт ўчирувчилар навбатдаги зарба хавфи туфайли ертўлага яширинган. 2024 йил 10 май
Viacheslav Mavrychev / Suspilne Ukraine / JSC «UA:PBC» / Global Images Ukraine / Getty Images

Кўп ўтмай Украина мудофаа вазирлиги ҳам баёнот берди. Вазирлик ўтган кун мобайнида рақиб Волчанск йўналишида бошқарилувчи авиабомбаларни қўллаган ҳолда зарбалар йўллаган, тунда эса мудофаанинг олдинги марраларини артиллериядан ўққа тутган. 

«Эрталабки соат 5 ларда рақиб зирҳли техникалар орқали бизнинг мудофаа чизиғини ёриб ўтишга уринишни амалга оширди. Айни вақтга келиб ҳужумлар қайтарилган, аммо турли интенсивликдаги жанглар давом этмоқда», — дейилади хабарда.

Ушбу ҳудудда мудофаани кучайтириш учун захира бўлинмалар йўналтирилган.

Харкив областида «шиддатли жанг кетаётгани» ҳақида Украина президенти Володимир Зеленский ҳам баёнот берди. У россияликларнинг юриши артиллерия зарбалари билан тўхтатилганини таъкидлади.

Украинларнинг DeepState таҳлилий порталига кўра, тундаги юриш иккита участкада бошланган: Стрелка-Красное-Пилная-Борисовка қишлоқлари ҳудудида (ушбу аҳоли яшаш манзиллари чегаранинг Харкивга яқин томонида жойлашган), тўғридан тўғри Харкив томонга, шунингдек, руслар шарқда, Волчанск шаҳри атрофида жойлашган Гатишче ва Плетеневка қишлоқларига «киришга ва ўрнашиб олиш»га уринмоқда. DeepState томонидан оператив тарзда янгилаб бориладиган ҳарбий ҳаракатлар харитасида Россия армияси биринчи участкада тезлик билан олдинга силжигани акс этган. Лойиҳа маълумотига кўра, украин ҳарбийлари россияликларнинг Пилная томондан келиб, област ичкарисига ҳаракатланишга уринган учта ҳарбий техникасини яксон этган.

Украинадаги манбалар тасдиқлашича, Россия ҳозирча анча ичкари кириб бориш учун зарур бўладиган миқдордаги кучларни ҳаракатга келтирмаган, аммо келгусида шундай бўлиши истисно қилинмайди. Володимир Зеленский ҳам шунга эътибор қаратган: «Муҳим жиҳати, улар бу йўналишдаги гуруҳини кўпайтириши ва қўшимча кучлар олиб келиши мумкин, бу факт, аммо бизнинг ҳарбийларимиз, ҳарбий қўмондонлик бу ҳақда билади ва душманни ўт билан қарши олишга тайёрланган».

Россия мудофаа вазирлиги бу юриш борасида ҳозирча изоҳ бермади.

Украина армияси Россия билан чегарани россияликлар украинларнинг 2023 йил ёзидаги қарши ҳужуми арафасида қўллаган услубда ҳимоялаган. Фото: Reuters

Эвакуация

Бу ҳужум Харкив областининг чегара яқинидаги ҳудудларини ўққа тутиш кучайтирилиши фонида амалга оширилди. Айниқса чегарадан беш километр, Белгород областининг Шебекино шаҳридан тахминан 10 километр масофада жойлашган Волчанск шаҳри зарбалардан жиддий азият чекмоқда. 10 май куни кундузи Харкив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов сўнгги зарбалар оқибатида Волчанскда бир киши ҳалок бўлиб, беш киши жароҳатланганини маълум қилди; Черкасские Тишки қишлоғида яна бир киши ўлими қайд этилган. Аввалроқ тунги зарбалар вақтида Харкив шаҳрида ва Липци қишлоғида жароҳатланганлар борлиги ҳақида маълумот берилганди. 

Волчанск ҳудудий маъмурияти бошлиғи Тамаз Гамбаришвили «Громадському радіо»га берган интервюсида айтишича, россияликларнинг зарбалари кучайгани туфайли расмийлар Волчанск ва унга қўшни ҳудудлар аҳолисини ихтиёрий асосда эвакуация қилишга киришган.

«Биз ҳозир истовчиларни эвакуация қиляпмиз. Асосий қатламни... ҳозир одамлар ўз автотранспорт [воситалари]да кетмоқда, аммо биз гуманитар марказ билан ўзи мустақил равишда кета олмайдиганларни олиб чиқишни ташкил этмоқдамиз», — деган у.

Гамбаришвилининг маълумотига кўра, ҳозирда Волчанскда 3 мингга яқин одам истиқомат қилади (Урушга қадар шаҳар аҳолиси 17 минг атрофида бўлган).

Гамбаришвилининг сўзларига кўра, ёпирилма зарбалар о стида қолган Волчанск ва унинг атрофидаги аҳоли яшаш манзилларидаги одамлар Харкивга олиб кетилмоқда.

«Ҳозирда шаҳар ёппасига ўққа тутилмоқда. Маҳаллий аҳоли вакиллари бунақасига ҳали гувоҳ бўлишмаганини айтишмоқда. Аҳоли яшаш пунктлари, шаҳар тўлиқ ўққа тутилмоқда. Шунинг учун бу ерларда қолиш хавфли», — деган у.

Гамбаришвилининг айтишича, Волчанск ўққа тутилиши мунтазам рўй беради, аммо жумага ўтар кечаси соат учларда ўққа тутиш кескин кучайган. Россиялик ҳарбийлар бир вақтнинг ўзида баравар ўт очиш реактив тизимлари, артиллерия ва бошқарилувчи авиабомбаларни қўлламоқда.

У зарбалар оқибатида шаҳарда кўплаб вайронгарчиликлар кузатилаётгани ҳақида айтган, аммо қурбонлар ва яраланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.

Буфер зона

Ҳарбий эксперт Михаил Жирохов Харкив областидаги сўнгги воқеалар юзасидан муносабат билдирди. «Афтидан, сўнгги ҳафталарда айтиб келинган иш — Харкивга юриш — бошланди…» — дея ёзган у фейсбукда.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг Дезинформацияга қарши курашиш маркази раҳбари Ондрий Коваленко россияликларнинг Харкив областида бу тахлит фаоллашуви прогноз қилингани, аммо бу Харкив томон катта юриш эмаслигини айтган.

«Бу ҳаракатлар олдиндан кутилганди. Душманда чегара ҳудудларида вазиятни кескинлаштириш учун ресурслар бор, бу ҳақда олдин айтилганди. Буни Харкивни қўлга киритиш салоҳияти билан адаштириб юбормаслик керак, ундай салоҳият йўқ», — дея ёзган у телеграмда ва «ҳозирда бу мавзу бўйича кўплаб ёлғон хабарлар тарқалиши»ни қўшимча қилган.

Россиянинг «Шимол» қўшинлар гуруҳи буфер зона ташкил этиш бўйича топшириқни бажаришга киришди, деб ёзган россияликларнинг «Rybar» ҳарбий канали муаллифи Михаил Звинчук.

Кўринишидан, гап украин қисмларини чегарадан улар Белгород бўйлаб артиллериядан зарба беришига имкон қолдирмайдиган масофада суриб ташлашга уриниш ҳақида кетмоқда, чегарадаги украин ҳарбийлари баравар ўт очиш реактив тизимлари орқали 40 км масофага зарба бериб келмоқда.

Звинчукнинг фикрича, фронт чизиғи ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларни кенг кўламли юриш сифатида таснифлаш — «бироз нотўғри»: «Гап фақат муваффақиятли ўтказилаётган разведка жанглари ҳақида бормоқда».

«Агар харитага қаралса, жанглар ҳудуди айрим участкаларда 2-3 километр ичкарига кенгайган. Чегарадаги қишлоқлар тўлиғича Россия армияси назоратига ўтгани ҳақида гапиришга ҳали эрта», — дея ёзади Звинчук.

Юқори мартабали украин ҳарбийси ҳам Reuters агентлиги билан суҳбатда юриш мақсади «буфер зона» ташкил этиш бўлиши мумкинлиги ҳ ақида гапирган. Агентлик суҳбатдоши россиялик ҳарбийлар украин армиясининг олдинги позицияларини чегарадан ўн километр масофага ортга суришга ҳаракат қилишини айтган (айни вақтга келиб россияликлар чегарадан бир километрга ичкари киришган). Зирҳли техникалар кўмагида олдинга силжишга уриниш моҳиятан янги фронт очилишидир, дея ёзган Reuters.

Россия Украина ҳудудида «санитар зона» ташкил этиши мумкинлиги ҳақида март ойида РФ президенти Владимир Путин ҳам айтиб ўтганди. Унинг сўзларига кўра, бу орқали украин ҳарбийлари Россиянинг чегарадош районларини ўққа тутишига тўсқинлик қилиш мумкин.

Харкив областининг чегара ҳудудлари кенг кўламли босқиннинг илк даврида РФ қўшинлари томонидан босиб олинган, аммо 2022 йил кузига келиб украин ҳарбийларининг қарши ҳужуми давомида озод этилганди. 2024 йилда «Медуза»нинг «Россия элитаси»даги манбалари юқори мартабали кучишлатарлар Россия Харкивни эгаллашга уриниб кўрадиган ва шундан кейин «махсус ҳарбий амалиёт»ни якунлайдиган сценарийни кўриб чиқаётганини айтишганди. Аммо Россия қўмондонлиги шундай қарор қабул қилгани тўғрисида расмий маълумот йўқ.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top