09:45 / 10.05.2024
1650

Корея ўзбекистонлик талабаларга грантлар ажратишни режалаштирмоқда

Жанубий Кореянинг Чунгчон-Намдо провинциясида "Фарғона савдо уйи" очилиши мумкин.

Корея Республикасининг Чунгчон-Намдо провинцияси губернатори Ким Те Хум бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Жанубий Корея томони дастлабки учрашувларини Фарғона вилоятидан бошлади. Вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров билан бўлиб ўтган мулоқотда ҳудудлараро инвестициявий, савдо-иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги тўғридан тўғри ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Чунгчон-Намдо провинциясида инвестициявий ваколатхона, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси ва вилоят маҳсулотлари кўргазмасини ўз ичига олган "Фарғона савдо уйи"ни очиш таклифи илгари сурилди.

Фарғонадаги кичик саноат зоналар ва "Қўқон" эркин иқтисодий ҳудуди имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Вилоятда Жанубий Корея ишлаб чиқарувчилари парки ташкил этилаётгани ва ушбу технопаркка ўз лойиҳаларини жойлаштириш истагида бўлган Чунгчон-Намдо тадбиркорларига ҳар томонлама кўмак берилиши билдирилди.

Делегация раҳбари Ким Те Хум провинцияда ваколатхона очишда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенг йўлга қўйишда кўмак беришга тайёр эканини маълум қилди.

Бундан ташқари, провинцияда жойлашган олий ўқув юртларида 1300 нафарга яқин ўзбекистонлик талабалар таҳсил олиши, ўқиш учун келган ёшлар ҳам ўқиб, ҳам ишлашлари учун имкониятлар мавжудлиги билдирилди. Фарғонадаги олий ўқув юртларидаги намунали ўқиган талабаларга грантлар ажратиш ҳам маълум қилинди. Таълим, маданият ва санъат йўналишларида алоҳида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича режалар белгилаб олинди.

Билдирилган таклифлар асосида икки томонлама "Йўл харитаси" ишлаб чиқишга ва келишувларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликда иш ташкил қилишга келишиб олинди.

Учрашувда якунида Фарғона вилояти ва Чунгчон-Намдо провинцияси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди.

Губернатор Ким Те Хумга Фарғона давлат университетининг фахрий профессори унвони тақдим этилди.

Top