09:43 / 10.05.2024
3150

Арманистон ва Россия бир қатор вилоятлардан ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш бўйича келишиб олди

Ереван ва Москва россиялик чегарачилар ва ҳарбий хизматчиларни Арманистоннинг бир қанча вилоятларидан олиб чиқиб кетишга келишиб олди. Песковнинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбий хизматчилар Арманистоннинг Туркия ва Эрон билан чегарасида қолади.

Фото: РИА Новости/Александр Казаков

Россия президенти Владимир Путин ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян ўртасида 8 май куни Москвада бўлиб ўтган музокаралар чоғида россиялик ҳарбийлар ва чегарачиларни Арманистоннинг бир қанча вилоятларидан олиб чиқиб кетишга келишиб олинди. Арманистон парламенти депутати Айк Конжорян томонидан тарқатилган бу маълумотни 9 май, пайшанба куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков тасдиқлади, дея хабар беради Россия ахборот агентликлари.

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, «арман томонининг илтимосига кўра» россиялик чегарачилар Арманистоннинг Туркия ва Эрон билан чегараси участкаларида қолади. 

Песковнинг тушунтиришича, Путин билан учрашувда Пашинян ўзгарган шартлар туфайли Тоғли Қорабоғдаги урушдан кейин 2020 йил кузида у ерда қолган Россия ҳарбийлари ва чегарачиларни Арманистонда жойлаштиришга эҳтиёж қолмаганини айтди.

«Президент Путин рози бўлди, ҳарбийларимиз ва чегарачиларимизни олиб чиқиб кетиш тўғрисида келишиб олинди», деди Песков. Чиқиб кетиш муддатлари эълон қилинмаган. 

Аввалроқ Арманистонда ҳукмрон «Фуқаролик келишуви» партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Айк Конжорян Пашинян ва Путин 2020 йилдан кейин Арманистоннинг бешта ҳудуди - Тавуш, Сюник, Вайоцдзор, Гегаркуник ва Араратда жойлашган барча Россия чегара ва ҳарбий назорат пунктлари фаолиятини тўхтатиш бўйича келишувга эришганини маълум қилганди.  

Бундан ташқари, Конжоряннинг сўзларига кўра, 1 августдан бошлаб россиялик чегарачиларнинг Ереван «Звартноц» аэропортидаги фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарор тасдиқланган. 

Арманистонда Россия ҳарбийларининг жойлаштирилиши 

Россия чегарачилари 1992 йилдаги давлатлараро келишувга мувофиқ Арманистонда жойлаштирилган эди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, улар Арманистон-Туркия ва Арманистон-Эрон чегараларида, шунингдек, Еревандаги «Звартноц» халқаро аэропортидаги алоҳида назорат-ўтказиш пунктида хизмат қилади. Арманистонда «ФСБ» чегара хизмати ходимлари таъминоти ҳар икки давлат ҳукуматлари томонидан амалга оширилади. 

2024 йил 17 апрелда Россия 2020 йилги уруш якунлари бўйича Боку назоратига ўтган Тоғли Қорабоғдан ўз тинчликпарвар кучларини олиб чиқишни бошлагани маълум бўлди. Кўп ўтмай, Арманистон ва Озарбойжон ўзаро чегаранинг бир қисми қандай ўтишини биринчи марта келишиб олди. Натижада Ереван тўрт қишлоқни Озарбойжон назоратига ўтказишга рози бўлди. Томонлар чегарани делимитация қилишни давом эттиришга келишиб олган.

Top