10:00 / 27.04.2024
2756

Шолц Боку ва Ереванни муросага чақирди

Германия ва Озарбойжон раҳбарлари Берлиндаги учрашувда инсон ҳуқуқлари, Украинадаги уруш, энергия манбалари ҳамда Ереван ва Боку ўртасида тинчлик ўрнатилишини муҳокама қилди.

Фото: president.az

Германия канцлери Олаф Шолц ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев 26 апрел, жума куни Берлинда бўлиб ўтган учрашувда Россиянинг Украинага қарши уруши, Озарбойжондаги инсон ҳуқуқлари, Боку ва Ереван ўртасида тинчлик ўрнатилиши ҳамда энергия манбалари масалаларини муҳокама қилди.

Илҳом Алиевнинг Берлинга ташрифи 2024 йил ноябр ойида Озарбойжонда бўлиб ўтадиган БМТнинг иқлим бўйича саммитига тайёргарлик кўриш доирасида амалга оширилмоқда. 

Шолц: Украинадаги гўшт қиймалагич тўхтатилиши керак 

Германия канцлери учрашув якунлари бўйича ўтказилган қўшма анжуманда таъкидлаганидек, музокаралар мавзуларидан бири Россиянинг Украинага қарши уруши ва унинг Жанубий Кавказ учун оқибатлари бўлди. «Биз ҳаммамиз биламизки, Россия ўзининг ҳужуми билан Украинадаги минглаб оилаларга қайғу келтирмоқда», деди Шолц. 

Илҳом Алиев 25 апрел, пайшанба куни Украинадаги урушни «катта фожиа» деб атади. Унинг тушунтиришича, Озарбойжон Киевга инсонпарварлик ёрдами билан ёрдам беради, бироқ у ерга қурол етказиб бермаяпти.

Шолц Озарбойжонда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирди 

Германия канцлери, шунингдек, Озарбойжонда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирди. «Германия ҳукумати бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш тарафдори ва бу Озарбойжонга ҳам тегишли», - дея тушунтирди у. Илҳом Алиев, ўз навбатида, мамлакатда цензура йўқлиги, эркин интернет борлигини таъкидлади. «Озарбойжонда юзлаб оммавий ахборот воситалари бор», - дея қўшимча қилди Алиев. 

Шолц Озарбойжон ва Арманистон ўртасида тинчлик ўрнатилиши мумкинлигини эълон қилди 

Олаф Шолцнинг айтишича, бугун Арманистон ва Озарбойжон ўртасида тинчлик шартномасини тузиш имкониятлари «ҳар қачонгидек яхши». У давлатлар раҳбарлари ўртасидаги алоқаларни ва яқинда чегарада демаркация чизиғи ўрнатилганини олқишлади. «Германия ҳар қандай узоқ муддатли тинч ечимини қўллаб-қувватлашга тайёр, ҳар икки томон ҳам буни хоҳлаши лозим. Мен икки давлатни 2024 йил тинчлик йили бўлиши учун жасорат топишга ундамоқчиман», - деди Шолц. 

23 апрел, сешанба куни Илҳом Алиев, шунингдек, Ереван ва Боку ўртасида тинчлик келишувига «шу йилнинг куз фасли ўрталарида» эришилиши мумкинлигини айтди. 

Top